Ташқи ишлар вазирлиги Самара ва Ростовдаги вақтинчалик лагерлар ёпилганини маълум қилди

Россиянинг Самара ва Ростов вилоятидаги вақтинчалик лагерлар ёпилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Хабарга кўра, 29 сентябрь, сешанба ҳолатига кўра Самара вилоятининг «Кинель», Ростов вилоятининг «Первомайская» ва «Лихая» темир йўл станциялари яқинида Ўзбекистон фуқароларининг тўпланиши кузатилмаган.

Маълум қилинишича, тўпланган барча фуқаролар автобус рейслари ва «Ўзбекистон темир йўллари» AЖнинг махсус поездлари орқали ватанга қайтарилган. Шу билан ушбу станциялар яқинидаги махсус вақтинчалик лагерлар айни пайтда ёпилган.

Шунингдек, хабарда айтилишича, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда Россия—Қозоғистон давлатлараро чегараси 2020 йилнинг 1-октябридан очилиши ҳамда Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга қайтишлари мумкинлиги ҳақидаги ёлғон хабарлар тарқалмоқда. Бундан ташқари, йўловчи ташиш билан шуғулланадиган айрим шахслар шахсий автомобиль воситаларида Ўзбекистонга қайтиш тўғрисида турли эълонлар тарқатмоқда.

Маълум қилинишича, Россия ва Қозоғистон ўртасидаги автомобиль чегаралари томонлар ушбу масала бўйича махсус қарор қабул қилгунга қадар чет эл фуқаролари учун ёпиқ қолади.

Аввалроқ 11 сентябрдан Тошкент—Олмаота—Тошкент йўналиши бўйича мунтазам авиақатновлар тиклангани, Ўзбекистон 4 сентябрдан 5 та йўналиш бўйича халқаро авиақатновларни қайта тиклаши ҳақида хабар қилинганди. Шунингдек, Тошкент—Токио—Тошкент йўналишлари бўйича парвозлар вақти эълон қилинган.

Янгиликлар