Ташқи ишлар вазирлиги Туркияга бормоқчи бўлган ўзбекистонликларга мурожаат қилди
Ташқи ишлар вазирлиги Туркияга боришни режалаштирган ўзбекистонликларга мурожаат қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2020 йил сентябрь ойидан Тошкент—Истанбул—Тошкент йўналиши бўйича мунтазам рейслар тиклангандан сўнг Ўзбекистонга қайтаётганларнинг ПЗР-тест таҳлили натижаси баъзи ҳолатларда ижобий чиқаётгани аниқланмоқда.
Туркиядаги тегишли вазирлик ва ташкилотларнинг баёнларига мувофиқ COVID-19 суғуртасига эга чет эл фуқаролари касалланиб қолганда давлат ташкилотларида бепул даволанишлари мумкин. Шунингдек, касалликни енгил ўтказаётган туристларнинг 10—14 кунлик карантин муддатини меҳмонхона махсус хонасида ўтказишлари ва бунинг учун кетган харажатлар ҳам суғурта ҳисобидан қопланиши белгиланган.
Бундан ташақари, коронавирус ташувчилари билан бевосита мулоқотда бўлган Ўзбекистон фуқароларини ҳам меҳмонхоналарда карантинда қолишлари мажбурий бўлган ҳолатлар кузатилмоқда. Аммо бу вазиятда фуқаро бевосита COVID-19 билан касалланмагани сабабли суғурта полислари меҳмонхонада қолиш харажатларини қоплашни назарда тутмаган.
Шу муносабат билан Туркияга турли мақсадларда келишни режалаштираётган ўзбекларга қуйидагилар тавсия этилган:
- COVID-19 билан эҳтимолий касалланиш хавфини инобатга олиб, тиббий суғурта полисини сотиб олиш;
- суғурта шартномасига «ПЗР тестининг натижаси салбий бўлишига қарамай, суғурталанувчи COVID-19 ташувчиси билан мулоқотда бўлганлик сабабли мажбурий карантинда қолишига тўғри келса, тегишли харажатларни қоплаш» тўғрисидаги бандни киритиш;
- суғурта агентлигидан коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолатида амалга ошириладиган зарур ҳаракатлар алгоритмини билиб олиш.
«Ўз навбатида, COVID-19 билан касалланишнинг олдини олиш мақсадида, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан карантин чоралари кучайтирилгани муносабати билан вирусга қарши гигиенага ва ижтимоий масофага қатъий амал қилишингизни сўраб қоламиз», дейилади вазирлик хабарида.
Маълумот учун, Ўзбекистонда чегарадан ўтаётган фуқаролар ўз ҳисобидан коронавирусга тест топширади.
Бундан аввал Ташқи ишлар вазирлиги Украина, Қирғизистон ва Чехияга бормоқчи бўлган ўзбекистонликларга мурожаат қилгани ҳақида хабар қилинган эди.