Ташқи ишлар вазирлиги Чехияга бормоқчи бўлган ўзбекистонликларга мурожаат қилди
Ташқи ишлар вазирлиги Чехияга боришни режалаштираётган ўзбекистонликларга мурожаат қилди. Бу ҳақида Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси берган маълумотига кўра, Чехия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳимоя чоралари тўғрисидаги қарори билан 2020 йилнинг 21 сентябрдан чет эл фуқароларининг ушбу мамлакатга кириш тартиби ўзгартирилди.
Қайд этилишича, COVID-19 хавфи паст даражада бўлган давлатлар рўйхатига киритилмаган учинчи давлатларнинг барча фуқароларига ҳамда мазкур давлатларда вақтинча ёки доимий яшовчи учинчи давлатларнинг барча фуқароларига Чехияга кириш тақиқланади. Шунингдек, COVID-19 хавфи паст даражада бўлган давлатлар рўйхатига киритилмаган учинчи давлатларнинг бирида сўнгги 14 кун ичида 12 соатдан кўпроқ бўлган барча шахсларга Чехиянинг бутун ҳудуди бўйлаб 10 кун давомида ёки тегишли карантин чоралари бекор қилингунга қадар эркин ҳаракатланиш тақиқланади.
Маълумот учун, 2 октябрь ҳолатига кўра Ўзбекистон COVID-19 хавфи паст даражада бўлган давлатлар рўйхатига киритилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистон ва Украинага бормоқчи бўлган ўзбекистонликларга мурожаат қилганди. Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги Aбхазиядан 400 га яқин ўзбекистонликни олиб келиш бўйича маълумот берганди.