Тошкент вилоятида 52 та дарахт ноқонуний кесилгани маълум бўлди
Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида 52 та дарахт ноқонуний кесилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Қуйи Чирчиқ тумани Абай маҳалла ҳудудида жойлашган тўқайзорда кесилган дарахтлар бўйича мурожаат Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекторлари томонидан жойига чиқиб ўрганилган.
Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, ўрганиш давомида дарахтлар қишлоқ хўжалиги харитасининг 34 контурида жойлашган тўқайзорда кесилгани маълум бўлган. Умумий кесилган дарахт сони 52 та, шундан 46 туп тол ҳамда 6 туп туронғил таг қисмидан кесилган.
Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталардан фойдаланишни тартибга солиш ва улардан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ атроф-муҳитга етказилган зарар 444 миллион 773 минг сўмни ташкил этган.
«Айни дамда мазкур ҳудуд эгаси ҳамда ким томонидан амалга оширилганлигини аниқлаш бўйича суриштирув ишлари давом этмоқда. Тўпланган ҳужжатлар Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокуратурасига ўрнатилган тартибда тақдим этиш учун тайёрланмоқда», дейилади хабарда.
Аввалроқ Ўзбекистонда ўтган 11 ой давомида табиатга 9 787,2 миллион сўм миқдорида зарар етказилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қашқадарёда ўрмон ёнғини оқибатида салкам 600 та арча ёниб кетгани ҳақида хабар берилган.