Ўзбекистонда ўтган 11 ойда табиатга етказилган зарар миқдори маълум бўлди

AОКAда ўтган матбуот анжмунида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нарзулла Обломуродов мораторий давридаги ишлар ҳақида ахборот берди. Унга кўра, 11 ой давомида табиатга 9 787,2 миллион сўм миқдорида зарар етказилгани маълум бўлган.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, мораторий даврида жисмоний ва юридик шахслардан жами 4018 та (10 ойлик ҳолатига кўра) мурожаат келиб тушган. Мурожаатларда 188 943 туп давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесишга рухсат сўралган. Шунингдек, 20 ноябрь ҳолатига кўра, жами қонунбузарликлар сони 3 897 та, белгиланган жарима 4 316,1 миллион сўмни ташкил этиб, шундан 2 757,4 миллион сўми ундирилган.

Хабарда айтилишича:

  • табиатга етказилган зарар 9 787,2 миллион сўмни ташкил этиб, шундан 2 942,4 миллион сўми ундирилган;
  • ундирилмаган жарима ва табиатга етказилган зарарни ундириш мақсадида 338 та ҳолат бўйича (6 913,1 миллион сўм) тўпланган ҳужжатлар тегишли органларга (суд, прокуратура, МИБ, ИИБ) киритилган;
  • 17 та ҳолат бўйича қонунбузарлик содир этган шахсларга жиноий иш қўзғатилган.

Aввалроқ Самарқанд шаҳрида чиқиндиларни ташишни ривожлантириш учун 37 миллион евродан ортиқ маблағ сарфлангани ҳамда Самарқанд шаҳрида кунига қанча чиқинди чиқарилиши ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар