Тошкентда онаси ва 3 ойлик боласи билан ертўлада яшаётган аёлга ёрдам берилди
Тошкент шаҳри Сергели туманида онаси ва 3 ойлик боласи билан ертўлада яшаётган фуқаро A.Иноғомованинг уй-жой муаммоси ҳал этилди. Бу ҳақда Олий Мажлис сенати матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 1996 йилда Тошкент шаҳрида туғилган фуқаро A.Иноғомова Мирзо Улуғбек туманида доимий рўйхатда туради. Бироқ уйи йўқлиги сабабли онаси У.Иногўмова билан руҳий касалликлар бўйича диспансер назоратида турадиган опаси Н.Пўлатованинг Сегерли тумани «Янги Чоштепа» маҳалласи Ўзар кўчаси 14-уйида истиқомат қилган. Бир хонали уйда яшаб турган вақтда юзага келган ўзаро келишмовчилик сабаб опаси A.Иноғомова ва онасини уйдан ҳайдайди. Оқибатда A.Иноғомова онаси ва 3 ойлик боласи билан ертўлада яшашга мажбур бўлган.
Қайд этилишича, ушбу ҳолатни ўрганган Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ботир Матмуратов ҳамда Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Носирбек Aбдуллахoнов ушбу масала юзасидан МФЙ расисига тегишли кўрсатмалар берган.
Шунингдек, A.Иноғомованинг муаммоси қонуний кўриб чиқилгунига қадар вақтинчалик яшаб туриши учун Сергели туманидаги хонадонлардан бирида шароит яратилди ҳамда ижара ҳақи тўлаб берилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда бошпанасиз қолган бухоролик аёлга ёрдам берилгани маълум қилинган эди. Кейинчалик Бухорода битмаган уйида чайла қуриб яшаётган аёлга ёрдам берилгани ҳақида хабар берилганди.