Видео: Қашқадарёдаги компанияда 3 ойдан бери маошини ололмаётган ишчилар намойиш уюштирди. Компания ҳолат юзасидан муносабат билдирди
Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги «Enter Engineering Pte.Ltd.» компанияси 3 ойдан бери ойлик маоши бермаётгани сабабли ишчилар норозилик намойиши уюштирди. Бу ҳақда «Tez News» таҳририятига компания ишчилари томонидан жўнатилган видеода маълум бўлди.
Маълум қилинишича, компания ходимларига ойлик маоши тўламаган ҳамда ишлашга ҳам рухсат бермаган. Шунингдек, ходимлар тушлик билан ҳам таъминланмаган.
Видеода ишчиларнинг компания ҳудудидаги контейнер деразаларига тош отиб, синдирганини кўриш мумкин. Улардан бири контейнер тепасига чиқиб, таёқ билан темир-бетон устунга ўрнатилган видеокузатув камераларини уриб туширган. Кейинроқ ишчилар бошқарув хонасига бориб, жанжал кўтарган.
Шунингдек, ишчилар компания ҳудудида тўпланиб ҳаракатланган ҳамда бинолар деразаларини синдирган. Юқорида қайд этилган контейнер ёнида олов ёқилган.
«Enter Engineering Pte.Ltd.» компанияси матбуот хизмати ушбу ҳолат юзасидан «Tez News»га маълумот берди. Таъкидланишича, ҳодиса 21 октябрь куни эрталаб, ишчилар учун мўлжалланган ошхонадаги моноблок тизимидаги (электрон кириш тизими) техник носозлик туфайли содир бўлган, оқибатда улар кундалик овқатланишга кира олмаган. Бу эса катта норозилик келтириб чиқарган.
Ҳозирда техник ходимлар гуруҳи моноблок тизимидаги носозликни тузатмоқда. Компания раҳбарияти тафсилотларини билиш ва кейинчалик шунга ўхшаш ҳодисаларнинг олдини олиш учун Қашқадарё вилоятига учиб кетган.
Эслатиб ўтамиз, Россияда 3 ойдан буён маошини ололмаётган муҳожирлар қурувчи компаниянинг офисига ҳужум қилгани ҳақида хабар берилганди. Маълум бўлишича, ўнлаб қурувчилар Aмур газни қайта ишлаш заводи қурилишида пудратчи бўлган «Renaissance Heavy Industries» компаниясининг офисига кириб, атрофдаги барча нарсаларни йўқ қилишга киришган. Тартибсизликни маҳаллий полиция ходимлари келиб бостирган, жанжал кўтарганлар ҳибсга олинган.
Кейинчалик Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Aмур вилоятидаги заводда ишчилар уюштирган норозилик бўйича маълумот берган.