Жаҳонгир Ортиқхўжаев «Tashkent city»га кириш пулли қилинганига муносабат билдирди
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 18 декабрь куни Тошкент ёшлар форуми доирасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Tashkent city» боғига кириш пулли бўлганига муносабат билдирди.
Ҳокимнинг таъкидлашича, паркларни сақлаб туришнинг бошқача чораси йўқ. «Мисол учун, шунча дарахтлар экилган, шунча энергия кетади, бошқачасига билмайман, қандай бўлади», — дейди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.
Шунингдек, шаҳар ҳокими «Tashkent city» қурилишига анча харажат кетганини ҳам қўшимча қилган. Бу кўргазмали жиҳозларни сақлаб туриш учун 900 миллион сўм кетиши, хусусан, бир кунда ҳар битта фонтаннинг отилишига 1 миллион сўм кетиши маълум қилинган.
«Бюджетдан пул ажратилмайди. Чунки солиқ тўловчилар кирса-кирмаса пул тўламайдику, тўғрими? Киргани тўласа, шунда адолатли бўлса керак. Яъни бюджет солиқ тўловчиларнинг ҳисобига шаклланади. Одамларда ҳақли равишда савол туғилади: ‘Умуман ‘Tashkent city’га кирмасам нима учун мен тўлаётган солиқдан пул тўлаяпсилар’, дейиши мумкин. Шунинг учун ўзини ўзи боққани актуал, менимча», — дейди шаҳар ҳокими.
Эслатиб ўтамиз, Янги йил кунларида боғга кириш фақат 5 ёшгача болалар учун бепул. 5–12 ёшли болалар ва пенционерлар учун 5000, 12 ёшдан катталар учун 10 000, енгил автомобилда кириш 20 000 сўм этиб белгиланганди.