Жиззахда 11-жарроҳлик амалиётидан кейин аҳволи оғирлашган фуқарога кейинги операция ўтказилишида ёрдам берилади
Жиззахда 11-жарроҳлик амалиётидан кейин аҳволи оғирлашган фуқарога кейинги операция ўтказилишида ёрдам берилди. Бу ҳақида Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Жиззах вилоятида яшовчи фуқаро М.Ш. Олий Мажлис Сенатига ижтимоий тармоқ орқали мурожаат йўллаган. Мурожаатда 3 йилдан бери даволаниб келаётганлиги, 11 марта жарроҳлик амалиётини ўтказгани ва охирги 11-жарроҳлик амалиётидан кейин аҳволи оғирлашиб қолганини маълум қилган. Шифокорларнинг нотўғри жарроҳлик амалиёти туфайли шу аҳволга тушиб қолганини таъкидлаган.
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси 19 август куни Жиззах вилоятига бориб, ушбу мурожаатни ўрганди. Фуқаро М.Ш.нинг ҳолидан хабар олиб, унинг муаммоларини бартараф этиш бўйича тегишли мутасаддиларга кўрсатма берди.
Шунингдек, фуқарога кейинги жарроҳлик амалиёти ўтказилиши ва ижтимоий қўллаб-қувватланишида кўмак берилди. Мазкур масала сенатор томонидан назоратга олинди.
Аввалроқ Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати Тошкентда онаси ва 3 ойлик боласи билан ертўлада яшаётган аёлга ёрдам берилгани, бошпанасиз қолган бухоролик аёлга ёрдам берилгани маълум қилинган эди. Кейинчалик Бухорода битмаган уйида чайла қуриб яшаётган аёлга ёрдам берилгани ҳақида хабар берилган.