Япония бозорига 10 минг нафар ўзбекистонлик мутахассис жалб қилинади

Ўзбекистон ва Япония ўртасида ёш мутахассисларни халқаро меҳнат бозорига тайёрлаш бўйича янги ҳамкорлик лойиҳаси бошланди. Бу ҳақда Миграция агентлиги хабар берди.

Агентлик ва Япониянинг Japan-China-Asia Medical Educational Cultural Exchange General Incorporated Association ташкилоти ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди. Унга кўра, «Япония бозорига 10 минг нафар ўзбек мутахассисларини жалб қилиш» лойиҳасига старт берилди.

Қайд қилинишича, дастлабки босқичда Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Наманган вилоятларида «Япон маҳорат нури» ўқув курслари ташкил этилади. Курсларда иштирокчилар япон тилини ўрганади, касбий имтиҳонларга тайёрланади ва Японияда ишлаш учун зарур кўникмаларга эга бўлади.

Шунингдек, 2025 йил июнь ойидан WiseBridge онлайн платформаси ишга тушади. У орқали иштирокчилар Япониядаги иш ўринларини танлаб, иш берувчилар билан бевосита боғлана олади.

Лойиҳани қўллаб-қувватлаган Япония собиқ бош вазири Юкио Ҳатояма Ўзбекистонни ёшлар салоҳияти юқори бўлган ишончли ҳамкор сифатида эътироф этди.

Ўзбекистон