Японияда 5 нафар ўзбекистонлик ҳибсга олинди

Токио шаҳрида 2024 йилда содир этилган бир нечта жиноятлар бўйича 5 нафар ўзбекистонлик ҳибсга олинди. Бу ҳақда Tokyo Reporter нашри хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, 30 декабрь куни 21 ёшли Ҳасанбой Дўсматов ва унинг шериклари Токио шаҳрининг Шибуя туманида уч нафар хорижликка ҳужум қилиб, улардан бири юзига тепган ва 210 минг иена қийматидаги сумка ва ҳамёнларни тортиб олган.

Дўсматов босқинчилик ва тан жароҳати етказиш айблови билан қўлга олинган. Терговчилар билан суҳбатда у адвокати келмагунча гапирмаслигини айтиб, изоҳ беришдан бош тортган. Қолган тўрт гумонланувчи эса айбловларни инкор этмоқда.

Япония полицияси маълумотига кўра, ушбу беш кишидан тўрт нафари, жумладан Дўсматов ҳам мамлакатда ноқонуний яшаган. Улар 2023 йил августидан бери Шибуя ва Шинжуку ҳудудларида кўчада ухлаётган одамларни тунаб келган бўлиши мумкин.

Гуруҳ ўғирланган кредит карталар ёрдамида iPhone харид қилган ва уларни сотиб, қарийб 8 млн иена фойда олганликда гумон қилинмоқда.

Полиция маълумотига кўра, Дўсматов жиноят гуруҳининг раҳбари бўлган ва Telegram орқали ҳужум вақтлари ҳақида маълумот тарқатган. 

Ҳозирда тергов давом этмоқда.

 

Жаҳон