Қашқадарёда истеъмолга яроқсиз ёғ ишлаб чиқарганлар аниқланди

Қашқадарё вилоятининг Кўкдала ва Шаҳрисабз туманида қўлбола усулда сифатсиз ёғ ишлаб чиқараётган цехлар фош бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Хусусан, ўтказилган тезкор тадбирда «L.А.» оилавий корхонаси раҳбари Ж.Б. «Аннаруз» МФЙ ҳудудидаги хонадонида яширин цех ташкил этгани маълум бўлади.

Шундан сўнг, қўлбола усулда ёғ ишлаб чиқараётганлиги аниқланиб, умумий баҳоси 125,6 млн сўмлик 11 289 кг. чигит, 2 150 литр истеъмолга яроқсиз ёғ ва ишлаб чиқаришда фойдаланилган бошқа маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.

Шу каби, Департаментнинг Шаҳрисабз тумани ва Шаҳрисабз шаҳри бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда фуқаро Р.Ф. (муқаддам ЖКнинг 186-2-моддаси билан судланган) «Хонтепа» МФЙ ҳудудидаги хонадонида ҳамда фуқаро Д.К. «Тутзор» МФЙ ҳудудидаги нотурар бинода яширин цех ташкил этиб, қўлбола усулда ёғ ишлаб чиқараётганликлари аниқланиб, жами 1 тонна чигит, 480 литр истеъмолга яроқсиз ёғ ва ишлаб чиқаришда фойдаланилган бошқа маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-2-моддаси (чигитдан олинадиган маҳсулотни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Янгиликлар