Тошкент ва атрофидаги яшил ҳудудлар 25 минг гектарга етказилади
Тошкент шаҳрининг яшил ҳудудлари 3 баробарга кўпайтирилиб, 25 минг гектарга етказилади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
14 май куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида амалга оширилиши режалаштирилган реновация ва инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача мўлжалланган бош режаси асосида пойтахт 3 зона – консервация, реконструкция ва реновация зоналарига ажратилган. Эски ва сейсмик хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган уйлар жойлашган реновация зоналарида босқичма-босқич янги қурилиш ишлари амалга оширилади.
Бош режада 300 дан ортиқ реновация манзили белгиланган бўлиб, биринчи босқичда 2025–2026 йилларда 65 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилади. Бу ҳудудларда замонавий турар жойлар қурилиб, инфратузилма такомиллаштирилади, мавжуд дарахтлар сақланиб қолади ҳамда янги яшил ҳудудлар барпо этилади.
Президент лойиҳалар хавфсизлигини геологик ва сейсмик таҳлиллар асосида баҳолаб чиқиш, турар жойларни мактаб, боғча ва дам олиш зоналари билан уйғун ҳолда қуриш бўйича топшириқлар берган.
Шунингдек, сув йўлларини яхшилаш мақсадида 2030 йилгача 100 километр канал реконструкция қилиниши ва уларнинг атрофида сайилгоҳлар ташкил этилиши кўзда тутилган.
Туркиянинг Su-yapi engineering and consulting компанияси билан ҳамкорликда дренаж тармоқлари бўйича мастер-режа ишлаб чиқилган. Ўтган йили 45 та сув тошқини хавфи бўлган ҳудуд барқарорлаштирилган бўлса, жорий йилда яна 34 та манзилда шундай ишлар бажарилади.
Тақдимот давомида Президент Тошкентдаги инвестиция лойиҳалари ҳолати ҳақида ҳам маълумот олди. Пойтахтда умумий қиймати $25 млрдга тенг 717 та лойиҳа шакллантирилган бўлиб, 2025 йилда шундан $7,5 млрд ўзлаштирилиб 265 таси ишга туширилади. Улар орқали янги турар жойлар, савдо ва кўнгилочар масканлар, саноат корхоналари ташкил этилиши режалаштирилган.