Шавкат Мирзиёев «Матонат мадҳияси» ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 май куни пойтахтимиздаги Ғалаба боғига ташриф буюриб, анъанага мувофиқ «Матонат мадҳияси» ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйди.

Маълумот учун, Иккинчи жаҳон урушининг тугаганига қарийб 81 йил бўлди. Давлат раҳбари Ғалаба боғида ушбу сана муносабати билан ташкил этилган хотира маросимида иштирок этди.

Бугун орамизда соғ-саломат яшаб келаётган уруш ва меҳнат фахрийлари, барча нуронийларимизга алоҳида меҳримиз, эҳтиромимизни изҳор этамиз. Ушбу мажмуа буюк ғалабага муносиб ҳисса қўшган кўп миллатли халқимизнинг жасорати ва қаҳрамонлигини тараннум этадиган табаррук маскан, десак, тўғри бўлади, – деди давлат раҳбари.

Маълумотларга кўра, фашизмга қарши қонли жангларда ўша пайтда 6 миллион 800 минг нафарни ташкил этган Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 2 млн нафари иштирок этган. Шундан 540 мингга яқини ҳалок бўлган, 158 минг нафари бедарак йўқолган, 50 мингдан ортиғи концлагерларда мислсиз қийноқ ва азоблар туфайли ҳалок бўлган, 60 мингдан зиёди ногирон бўлиб қайтган. Ўзбекистонлик аскар ва офицерлардан 214 мингга яқини жанговар орден ва медаллар билан мукофотланган.

Ўзбекистон уруш йилларида фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айланган, жанг майдонларига жуда катта миқдорда ҳарбий техника, қурол-яроғ, кийим ва озиқ-овқатлар етказиб турилган. Ғоят оғир шароитга қарамай, халқимиз уруш ҳудудларидан кўчириб келинган 1 миллион 500 мингга яқин инсонни, жумладан, ота-онасидан жудо бўлган 250 минг нафар етим болани ўз бағрига олиб, меҳр кўрсатган.

Тадбирда Ўзбекистон Қуролли Кучлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар ҳам иштирок этиб, мазкур ёдгорлик пойига гуллар қўйди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ғалаба боғидаги «Миллат фидойилари» хиёбонида ҳам бўлиб, мустақиллик йилларида мамлакатимиз ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Мажмуада мустақиллик йилларида ватан озодлиги, эл-юртимиз тинчлиги йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлган 196 нафар ҳарбий хизматчи ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг номлари муҳрлаб қўйилган.

Бугун яқин-атрофимиздаги минтақаларда бўлаётган қарама-қаршилик ва уруш-жанжалларни кўриб турибмиз. Мана шундай мураккаб вазиятда миллий бирлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш – энг катта куч, энг катта бойлик эканини ҳаётнинг ўзи яна бир бор тасдиқламоқда. Ватанни ҳимоя қилиш – дунёдаги энг улуғ ва шарафли ишдир. Бу ҳақиқатни чуқур англаб, ҳарбий қасамёдига доимо содиқ бўлиб келаётган ботир ва довюрак ўғлонларимизга ҳар қанча тасаннолар айтсак арзийди, – деди давлат раҳбари.

Ўзбекистон