Рақобат қўмитаси янги йил арафасидаги турли акция ва чегирмалардан огоҳлантирди

Рақобат қўмитаси янги йил муносабати билан тадбиркорлик субъектлари томонидан савдони ошириш ва истеъмолчиларни жалб қилиш мақсадида ўтказилаётган турлича акция ва чегирмалар бўйича огоҳлантирди.

Айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз манфаатларини ўйлаб ёлғон чегирма ёки акцияларни эълон қилиш ҳолатлари ёки чегирма миқдори, акцияга қўйилган товарлар сони ва бошқа зарур ахборотларни тақдим этмаслик ҳолатлари аниқланмоқда, — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, жорий йилнинг ўтган вақти давомида Қўмитага келиб тушган 48 мингдан ортиқ мурожаатларнинг асосий қисми истеъмолчиларга тўғри ва тушунарли ахборот тақдим этилмаганлик ҳолатларига тўғри келади.

Аниқланишича, бугунги кунда «янги йил акцияси», «янги йил чегирмаси», «бирини олинг иккинчиси текинга», «чегирма эълон қилдик», «акциямиз бошланди», «чегирма 50 фоиз», «барча товарларга акция», «фақат бугун улгуриб қолинг» ва бошқа турдаги жалб қилувчи акциялар кўпаймоқда.

Сотувчи ўз товарларига нисбатан чегирмаларни эълон қилишда товарлар ва нархлар ҳисобини юритишга, товарнинг охирги 30 кунда амалда бўлган нархларини қайд этиш ҳамда истеъмолчининг талабига кўра, мазкур маълумотларни тақдим этишга мажбурлиги эслатилди.

Шунингдек қомита, чегирма эълон қилинганда, унинг шартлари ва амал қилиш муддати аниқ кўрсатилиши лозим эканлиги билдирилди.

Тадбиркорлик субъектлари қонунчилик талабларига қатъий амал қилишлари лозимлиги, ушбу талаблар бузилиши аниқланган тақдирда тегишли жавобгарлик ва молиявий жарималар қўлланилиб, чора кўрилиши юзасидан огоҳлантирилди.

Ўзбекистон