Туркиядаги ёнғин қурбонлари сони 80 га етди

Туркиянинг Карталкая тоғ-чанғи курортидаги меҳмонхонада 21 январь куни ёнғин содир бўлганди. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар сони 80 кишига етди. Бу ҳақда Haberturk хабар берди.

Туркия ички ишлар вазири Али Ерликая 52 нафар қурбоннинг шахси аниқланганини маълум қилди. 45 нафар ҳалок бўлганларнинг жасади оилаларга етказилган. Қолганлари ҳозирча аниқланмаган. Ёнғин иши бўйича тўққиз киши, жумладан, меҳмонхона эгаси қўлга олинган.

Ёнғин 21 январга ўтар кечаси Болу провинциясидаги 12 қаватли ёғоч меҳмонхонада содир бўлди. Губернатор Абдулазиз Айдин ёнғин тўртинчи қаватдаги ресторан зонасида содир бўлгани ва бутун бинога тарқалганини айтган.

Ўша пайтда меҳмонхонада 234 нафар киши бўлган. CNN Турк нашрининг хабар беришича, фавқулодда вазият куни ўқувчиларнинг таътиллари туфайли меҳмонхона 80-90 фоизга тўлган.

Ёнғин сабаби ҳозирча аниқланмаган, тергов олиб борилмоқда, 22 январь Туркияда мотам куни деб эълон қилинган.

Жаҳон