Ғазода Исроил ҳужумлари оқибатида 30 га яқин одам ҳалок бўлди

18 июнь куни Исроил армиясининг Ғазо секторига уюштирган ҳаво ва артиллерия ҳужумлари оқибатида камида 30 га яқин тинч фуқаро ҳалок бўлди. Бу ҳақда BBC маҳаллий манбаларга таяниб хабар берди.

Фуқаролик мудофааси агентлиги маълумотига кўра, Салоҳ ад-Дин йўлидаги ёрдам марказида озиқ-овқат навбатида турган одамлар нишонга олинган. Отишма ва снарядлар натижасида 11 киши воқеа жойида ҳалок бўлган. Нусейратда эса Исроил қўшинлари тунда яқинлашаётган маҳаллий аҳолига огоҳлантирувчи ўқ узган, бироқ бу ҳужумда ҳеч ким жароҳат олмаган, дея билдирилмоқда.

Бундан ташқари, Ғазо шимоли ва жанубидаги ҳаво ҳужумларида яна 19 нафар фуқаро ҳалок бўлди. Зайтун ҳудудида уйга берилган зарба натижасида ҳалок бўлганлар орасида 8 киши бор. Исроил бу ҳужумларни “ҲАМАСнинг ҳарбий имкониятларини йўқ қилишга қаратилган” деб изоҳлади.

Ғазодаги ҲАМАС бошқарувидаги соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги 24 соат ичида камида 140 киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Хон Юнус шаҳрида 17 июнь куни ёрдам кутаётган 51 киши ҳаётдан кўз юмгани айтилганди. БМТ эса қурбонлар сони 60 дан ошган бўлиши мумкинлигини билдирган.

Вазирликнинг таъкидлашича, 26 майдан бери фаолият юритаётган Ғазо гуманитар жамғармаси доирасида ёрдам олишга ҳаракат қилган 400 га яқин фуқаро ҳалок бўлган.

Жаҳон