Ғазода Исроил танкларидан ўқ узилиши оқибатида 51 киши ҳалок бўлди

Исроил танкларининг Хон Юнусдаги ёрдам кутаётган фуқароларга ўқ узиши оқибатида камида 51 киши ҳалок бўлди, 200 дан ортиқ одам жароҳат олди. Бу ҳақда Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигигига таяниб Reuters хабар берди.

Маҳаллий манбалар ва тиббиёт ходимларининг маълумотига кўра, Исроил танклари ёрдам машиналарини кутиб тўпланган одамлар йўналишига икки маротаба ўқ узган. Воқеа жойидаги гувоҳлар минглаб тинч аҳоли ёрдам кутаётганини тасдиқлади. Хон Юнусдаги Нассер шифохонасида жой етишмаслиги сабабли ярадорлар йўлак ва зиналарда жойлаштирилган.

Бу сўнгги ҳафталарда ёрдам излаб тўпланган фуқаролар орасида кузатилган навбатдаги оммавий ҳалокат ҳолати бўлди. Бир кун аввал, душанба куни, Рафаҳ шаҳридаги Ғазо Гуманитар Фонди (GHF) томонидан бошқарилаётган ёрдам маркази яқинида ҳам Исроил ўқлари натижасида камида 23 киши ҳалок бўлгани айтилган эди.

GHF ўз баёнотида ҳозиргача тўртта марказ орқали 3 млндан ортиқ овқат тарқатилгани, бу жараёнда эса ҳеч қандай ҳодиса юз бермаганини таъкидлаган. Исроил ҳарбийлари эса душанба ва сешанба кунлари юз берган ҳодисалар юзасидан изоҳ бермаган.

Бунгача Исроил айрим ҳолатларда ёрдам пунктлари яқинида ҳарбийлар томонидан ўқ узилганини тан олган, аммо бундай вазиятларда жангариларни айблаган эди.

Айни пайтда ёрдам тақсимоти учун масъул бўлган GHF ташкилоти Исроил кучлари назоратидаги ҳудудларда фаолият юритмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бу тизимни тан олмай, уни «инсонпарварлик тамойилларига зид ва хавфли» деб баҳолаган.

 

Жаҳон