Ғазода янги ёрдам марказида ўт очилиши оқибатида 48 киши яраланди
Ғазо секторида янги ёрдам марказида юзага келган тартибсизликда ўт очилиши оқибатида 1 киши ҳалок бўлиб, 48 киши яраланди. Бу ҳақда Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб AP хабар берди.
Ҳодиса Ғазо секторининг жанубидаги Рафаҳ шаҳрида Исроил ва АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган янги ёрдам марказида содир бўлган.
Хабарга кўра, оломон марказ атрофидаги панжарани бузиб кирган. Ҳодиса вақтида Исроил танклари ва ҳарбий вертолётлар ёнаётган чироқ(флер)лар отган. Ҳали ўт очган томон аниқ эмас: Исроил аскарлари, хусусий ҳарбий пудратчилар ёки бошқалар бўлиши мумкин.
Исроил армияси фақат огоҳлантирувчи ўқ узилганини билдирган. Ёрдам фонди эса пудратчилари оломонга ўқ узмаганини, фақат вақтинча орқага чекинганини маълум қилган.
БМТ ва инсонпарварлик ташкилотлари янги ёрдам тарқатиш тизимини танқид қилиб, у аҳолини озиқ-овқатдан фойдаланиш учун махсус жойларга мажбурлаш орқали уларни назорат қилишга имкон беришини таъкидлади.