Ўзбекистон—Қирғизистон—Хитой—Мўғулистон коридори бўйлаб илк пилот юк ташуви амалга оширилди

5 июнь куни Ўзбекистон—Қирғизистон—Хитой—Мўғулистон халқаро транспорт коридори бўйлаб биринчи пилот юк ташуви амалга оширилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, мазкур ташув Ўзбекистон тадбиркорлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни янги бозорларга олиб чиқиш, шунингдек, автомобиль транспортида янги йўналишларда юк ташиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилган.

Вазирлик ахборотига кўра, иштирокчи давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик ушбу йўналишни ривожлантириш ва савдо-логистика алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Янги транспорт коридори экспорт ва импорт ҳажмларининг ошишига, савдо алоқаларининг географик кенгайишига ва юк етказиб бериш муддатларининг қисқаришига замин яратади.

Шунингдек хабарда мазкур коридор Ўзбекистондан Қирғизистон орқали Хитойга, ундан эса Мўғулистонга олиб бориши, бy Евросиё минтақасида юк ташиш учун муқобил ва самарали йўналиш бўлиб, айниқса Хитой ва Мўғулистон бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтириши айтилган.

Ўзбекистон