Тошкентдан Андижон ва Термизга юқори тезликдаги поездлар йўлга қўйлиши режалаштирилмоқда
Hyundai Rotem президенти билан бўлиб ўтган учрашувда саккизта электропоезд етказиб бериш масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистонда Тошкент-Андижон ва Тошкент-Термиз йўналишларида тезюрар поездлар қатновини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда, деб хабар берди Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.
Жорий йил 10-июн куни Корея Республикасида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бош муҳандиси Қодиров Шарофиддин, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги бўлим бошлиғи Анвар Душаев ҳамда Hyundai Rotem компанияси президенти Ли Ён Бэ ўртасида учрашув бўлиб ўтди.Учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболли йўналишларини муҳокама этишди.
Хусусан, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ учун ишлаб чиқарилаётган «Жалолиддин Мангуберди» юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездни етказиб бериш лойиҳасининг белгиланган муддатларда амалга оширилиши юзасидан маълумот алмашилди.
Шунингдек, «Тошкент – Андижон» ва «Тошкент – Термиз» йўналишларида юқори тезликдаги поездлар ҳаракатини ташкил этиш мақсадида 8 та замонавий юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларни етказиб бериш лойиҳаси юзасидан техник шартларни якуний келишиш билан боғлиқ масалалар батафсил муҳокама этилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни самарали амалга ошириш ҳамда ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олдилар.





