Энди заргарлар ҳам якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритиши мумкин бўлади
Эндиликда заргарлар якка тартибдаги тадбиркор сифатида қонуний равишда тилладан ясалган буюмлар савдоси билан шуғулланиши мумкин бўлади. Бу ҳақда 26 май куни президент раислигидаги йиғилишда маълум қилинди.
Шунингдек, вилоятлардаги норасмий заргарлик расталари замонавийлаштирилиб, уларнинг фаолиятини қонунийлаштириш чоралари белгиланди.
Айни пайтда четдан жалб этилган мутахассислар харажатларининг $2,5 минггача бўлган қисми, камида 5 нафар шогирд тайёрлаш шарти билан қоплаб берилади.
Мажлисда заргарлик соҳасида саноат услубига ўтиш, ички бозорни ҳимоя қилиш ва миллий брендларни илгари суриш вақти етгани таъкидланди. Шу муносабат билан зарур ускуна ва бутловчи қисмларни олиб кириш импорт божи ва божхона тўловларидан озод қилинади.
Бундан ташқари, Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатларидан олтинни бўлиб тўлаш асосида харид қилиш тизими яна 3 йилга узайтирилди.
Халқаро брендлар билан ҳамкорлик қилиш, уларнинг дизайн ва қолипларини олиб келиш харажатларининг 30 минг долларгача бўлган қисми давлат томонидан қоплаб берилади.
Ҳозиргача Тошкент шаҳри, Андижон ва Хивадаги ишлаб чиқарувчилар ва инвесторлар учун замонавий заргарлик марказлари ишга тушган. Энди бундай марказлар бутун республика бўйлаб ташкил қилинади.
Йиғилишда, президент томонидан бу йилнинг ўзида ҳомашё, лаборатория, ўқув маркази, show-роом ва дўконларни ўз ичига олган яна 6 та комплекс марказни ишга тушириш, хорижий дизайнер ва технологларни жалб қилиб, маҳаллий заргарларни ўқитиш бўйича топшириқ берилди.
Давлат раҳбари: Ҳамма эшитиб олсин. Заргарларда ҳомашё бўйича ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги керак,— дея алоҳида таъкидлади.
Бу мақсадда бу йил биржада сотувга чиқариладиган олтин ҳажми 6 тоннадан 8 тоннага оширилади.
Шунингдек, янги заргарлик марказлари ишга тушган Тошкент, Андижон ва Хоразмдан ташқари, бу йил бундай марказлар очилиши режалаштирилган Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида ҳамда бошқа ҳудудларда олтин захираси шакллантирилади.