Африкада 13 миллионга яқин одам кучли очарчиликка дуч келмоқда
Сомали, Эфиопия ва Кенияда қурғоқчилик туфайли 13 миллионга яқин одам кучли очарчиликка дуч келмоқда.

БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастурига кўра, 1981 йилдан бери биринчи марта минтақаларда бундай узоқ давом этган сув танқислиги кузатилмоқда. Ташкилот шу сабабдан Шарқий Африка халқига йирик гуманитар инқирознинг олдини олишда зудлик билан ёрдам беришга чақирган.

Таъкидланишича, қурғоқчилик Жанубий ва Жануби-Шарқий Эфиопия, Шимолий Кения ва Марказий Сомалида чорвачилик ва деҳқончилик фаолиятига қаттиқ таъсир кўрсатган. Жаҳон озиқ-овқат дастури, энг кўп жабрланганларга яъни 4,5 миллион кишига ёрдам бериш учун 327 миллион доллар керак бўлишини қайд этган.
«Уч марта муваффақиятсиз ёмғирли мавсум экинларни нобуд қилди. Бундан ташқари, қурғоқчилик чорва моллари нобуд бўлишига олиб келди. Сув ва яйлов етишмаслиги маҳаллий аҳолининг уйларини тарк этишга мажбур қилди. Бу жамоалар ўртасидаги низоларнинг кучайишига олиб келади», дейилади хабарда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар ишлари бўйича агентлиги март ойидаёқ 6 миллиондан ортиқ эфиопиялик шошилинч гуманитар ёрдамга муҳтож бўлишини айтган. Сомалида аллақачон 7 миллионга яқин одам тезкор гуманитар ёрдамга муҳтожлиги таъкидланган.






