Қашқадарёда канал қирғоғини реконструкция қилиш вақтида 150 та дарахт қўпориб ташланди

Қашқадарё вилояти экология бошқармаси томонидан Касби туманида навбатдаги рейд тадбирлари ўтказилди.

Рейд давомида “Тўпаланг HPД Ҳолдинг” МЧЖ масъуллари томонидан Денов—Новқат каналини реконструкция қилиш жараёнида канал қирғоғига экилган жами 150 та дарахт илдизи билан қўпорилгани аниқланган. Бу билан “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон талаблари бузилган.

Дарахтларни кесиш ёки кўчириб ўтқазиш бўйича амалдаги тартибларга риоя этилмаган ва мурожаат қилинмаган.

Дарахтлар кесилиши натижасида ўсимлик дунёсига 1 миллиард 165 миллион 350 минг сўм зарар етказилган. Ҳужжатлар етказилган зарарни ундириш ҳамда айбдорларга қонуний чора кўриш мақсадида Қашқадарё вилояти прокуратурасига юборилган.

Янгиликлар