Актриса Гавҳар Шариповага тегажоқлик қилиб, унинг ўлимига сабабчи бўлган эркакка суд ҳукми ўқилди

Актриса Гавҳар Шариповага юк машинасида тегажоқлик қилиб, унинг ўлимига сабабчи бўлган эркакка суд ҳукми ўқилди. Фуқарога 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати  хабар берди.

Фото: «kino-teatr»

Таъкидланишича, 2019 йил 18 ноябрга ўтар кечаси соат 02:20 ларда 29 ёшли Ф.Ш. «Isuzu» автомашинасида Самарқанд—Ғузор йўналишидаги А-378 йўлнинг Қашқадарё вилояти Ғузор тумани Ярғунчи маҳалласи ҳудудидан ўтган 140-километрига келган вақтида йўловчи сифатида кетаётган Шарипова Гавҳар Ҳасановнага тегажоқлик қила бошлаган. Гавҳар Шарипова автомашина эшигини очиб тушиб қолмоқчи бўлганлигини кўра туриб, Ф.Ш. тезликни пасайтирмасдан, ҳаракатланишда давом этган. Оқибатда Гавҳар Шарипова транспорт воситасидан тушиб кетиб, турли даражада тан жароҳатлари олгани сабаб ҳодиса жойида ҳалок бўлган.

Ушбу ҳолатга Қашқадарё вилоят ЙҲХБ ахборот хизмати расмий муносабат билдириб, актрисага юк машинаси ҳайдовчиси шилқимлик қилгани, шундан сўнг у юриб кетаётган автоуловдан ўзини ташлаб вафот этганини маълум қилган. Шунингдек, Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаро Ф.Ш.га нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Қайд этилишича, 2020 йилнинг 12 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Ғузор туман суди биносида очиқ суд мажлиси ўтказилиб, Ф.Ш. устидан суд ҳукми ўқилган. Суд ҳайдовчи Ф.Ш.ни Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топган. Шунингдек, судланувчига Жиноят Кодексининг 59-моддаси (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) 8-қисми ва 61-моддалари (Жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари)га асосан аввалги ҳукми юзасидан ўталмай қолган жазо муддати қўшилиб, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан 2 йил 6 ойга ҳамда 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Асосий жазо муддати 2019 йил 19 ноябрдан бошлаб ҳисобланиши белгиланган.

Маълумот учун, Гавҳар Шарипова 1980 йилда Навоий шаҳрида туғилган. 2001 йилда Тошкент давлат санъат институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти)нинг драма-театр ва кино актёрлиги йўналиши бўйича тамомлаган. Гавҳар Шарипова «Алданган аёл», «Алпомиш», «Сарвиноз» каби ўнлаб ўзбек фильм ва сериалларида турли ролларни ижро этган.

Аввалроқ Тошкентда мактаб ҳовлисидан 25 ёшли йигитнинг осилган жасади топилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар