Бухоро тумани ҳокими ҳудуддаги фаолияти тўхтаб қолган тадбиркорлар муаммоларини ўрганди
Бухоро вилояти Бухоро тумани ҳудудида 10 август, душанба куни Миллий гвардия масъул ходимлари ҳамда туман ҳокими иштирокида бўлиб ўтган сайёр учрашувларда фаолияти вақтинча тўхтаб қолган бир қатор тадбиркорлик субъектларининг муаммолари ўрганилиб, уларга ечим изланди, деб хабар берди Миллий гвардия матбуот хизмати.
Хабарда таъқидланишича, тадбиркорлик субъектларининг фикрлари тингланиб, уларнинг муаммоларини ҳал этиш учун кредит, ер майдони ажратилиши ҳамда солиқ соҳасидаги имтиёзлар ҳам кўриб чиқилган.
Аввалроқ Бухорода солиқ ҳисоботларини кечикиб топширган субъектлардан 600 миллион сўмга яқин жарима ундирилмагани, вилоятда 2020 йил якунига қадар 7,9 миллиард сўм маблағ микрофирма ва кичик корхоналар ихтиёрида қолдирилгани ҳақида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, Бухорода 10 августдан бошлаб карантин чекловлари босқичма-босқич юмшатилиши маълум қилинганди.