Бухорода аёл билан жинсий алоқа қилиб, унга ОИВ инфекциясини қасддан юқтирган шахсга жиноят иши қўзғатилди
Бухорода 32 ёшли фуқаро ўзининг ОИВ инфекцияси билан касалланганига қарамай, ўзга аёлга қасддан касалликни юқтирганлиги аниқланган. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Бухоро шаҳрида яшовчи, 1988 йилда туғилган, 2015 йил 22 май кунидан буён ОИВ инфекцияси билан рўйхатга олинган эркак — П.П. (исм-шарифи ўзгартирилган) Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2012 йилдаги тегишли касалликни юқтириб олган шахс сифатида ушбу касалликни жинсий алоқа қилиш йўли билан бошқа шахсга юқтириш хавфи тушунтирилиб, бу тўғрисида ундан тилхат олиниб, жиноий жавобгарликка тортилиши тўғрисида огохлантирилган бўлишига қарамасдан, қасддан жиноят содир қилиш йўлига ўтиб, 2019 йилдан бугунги кунга қадар бўлган вақт оралиғида Когон шаҳрида яшовчи, 1985 йилда туғилган аёл Ж.К. (исм-шарифи ўзгартирилган) билан турли вақтларда жинсий алоқа қилиб, унга била туриб, қасддан ОИВ касаллигини юқтирганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси ОИВ инфекцияларини тарқатишга қарши курашиш гуруҳи томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда аниқланиб, Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 4-сонли Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан фуқаро П.П.га нисбатан Жиноят кодексининг 113-моддаси (Таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш) 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Наманганда ОИТСга чалинган фоҳиша огоҳлантиришларга қарамай, 6 нафар эркак билан алоқада бўлгани аниқлангани ҳамда Сирдарёда ОИТСга чалинганини яшириб, турмуш қурган аёлга суд ҳукми ўқилгани ҳақида хабар қилинганди.