Бухорода хотинини ўз-ўзини ўлдириш даражасига етказган фуқарога 7 йил 6 ой қамоқ жазоси тайинланди
Бухоро вилоятида 6 йил давомида турмуш ўртоғининг шаънига тегиб, уни доимий калтаклаб, ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказган фуқаро 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман суди раиси Жалол Садиров хабар берди.
Маълум қилинишича, ишсиз, 30 ёшли фуқаро Р.Ф. турмуш ўртоғи 25 ёшли Ф.Н. билан 6 йил бирга яшаб, унга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлиб келган. Унинг 2 нафар фарзанди ҳам ижтимоий таъминланмай, қийналиб, очликда яшаб келган. Доимий равишда жисмонан ва руҳан қийналиб, турмуш ўртоғи томонидан дўппосланиш натижасида одамови бўлган Ф.Н. «Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Улуғбек Абдуллаевга мурожаат қилган. Натижада Р.Ф. жазавага тушиб, хотини ва фарзандларига яшаш уйидаги ошхона ва ҳаммомдан фойдаланишни таъқиқлаган. Ф.Н.га қайнанаси ва қайнапаси ҳам зўравонлик қилиб, хўрлаган.
Шунингдек, Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди орқали болалари таъминоти учун алимент ундируви ҳақида ариза ёзган хотинини ҳаммомдан яланғоч ҳолда ҳовлига судраб чиқариб, аёллик ғурури ва нафсониятини поймол қилган. Аёвсиз калтаклаб, ҳақорат қилиб, танасининг турли қисмларига қўли билан уриб, дўппослаб, унинг ўнг кўз юқори ва пастки қовоқ соҳасига, ўнг елка ва ўнг сон соҳасига қасддан тан жароҳати етказган. Уриб-дўппосланган хотинининг ўнг қўл биринчи бармоқ асос фалангаси, бош пешона ўнг томонига тан жароҳати етказган. Ҳолат юзасидан Қоракўл туман Маъмурий судида тасдиқлар мавжудлиги маълум қилинган.
Сўнгги чора сифатида Ф.Н. яшаш уйи тандирхонасида сиртмоқ ясаб, бўйин соҳасидан ўзини ўзи осган ва ҳодиса жойида вафот этган.
Тергов-суриштирув жараёнларида судланувчи Р.Ф. суд-экспертиза хулосасига кўра, марҳуманинг бўйин соҳасида тириклик вақтида ҳосил бўлган эгат кўринишидаги сиртмоқ изи борлиги, кўз конъюнктивасида (кўз оқ соҳаси) нуқтасимон қон қуйилишлар, талоқ кам қонлиги ҳамда жигар, буйрак, юрак, ўпка каби ички аъзолари тўқ қизил суюқ қон билан тўлганлиги, бош мия шиши, ўнг қўл биринчи бармоқ асос фалангаси орқасидаги қонталаш ва шилинмаси қаттиқ ўтмас жисм таъсирида юзага келгани аниқланган. Ушбу жароҳатлар марҳуманинг ўлимидан олдин 5 соатдан кўп бўлмаган вақтга тўғри келиши, ушбу жароҳат марҳуманинг ўлими билан боғлиқ эмаслигини, ўнг ёноқ соҳасида шилинма ва чап тизза бўғими соҳасида шилинмаси марҳуманинг ўлимидан кейин ҳосил бўлган бўлиб, қаттиқ ўтмас жисм таъсиридан юзага келгани тасдиқланган.
Суд-тергов ишлари жараёнида Р.Ф. хатти-ҳаракатлари турмуш ўртоғи Ф.Н.ни ўзини ўзи осиб ўлдиришига сабаб бўлганига ойдинлик киритилган. Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 103-моддаси 2-қисмининг «а» банди (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган ва жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланган.
Аввалроқ Бухорода қайнатасининг фоҳишаликда айблаб, доимий зулмларига чидолмаган келин устига бензин сепиб, ўзини ёқиб юбориши оқибатида вафот этгани ҳамда Бухорода фуқаро танишини ошхона пичоғи билан ўлдиргани ҳақида хабар қилинганди.