Бувайдада очилган касб-ҳунар мактаби 200 га яқин ўқувчини қабул қилди

Фарғона вилояти Бувайда туманида иқтисодиёт коллежи негизида очилган 1-сон касб-ҳунар мактаби 195 нафар 9-синф битирувчисини қабул қилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Бувайда тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Ушбу мактабда ўқувчилар икки йил давомида умумий ўрта таълим йўналишлари билан бир қаторда, Қишлоқ хўжалиги экинлари лобаранти, Парник хўжалиги лобаранти, Сартарошлик ҳамда Тикувчилик йўналишлари бўйича касб-ҳунар ўрганади. Касб-ҳунар мактаби 2020—2021 ўқув йили учун 195 нафар 9-синф битирувчиларини қабул қилган.

Қайд этилишича, касб-ҳунар мактабининг очилишига Шавкат Мирзиёевнинг меҳнат бозори талабларига мос малакали кадрларни тайёрлашга қаратилган 2019 йил 6 сентябрдаги «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони асос бўлган.

Фото: Бувайда туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Касб-ҳунар мактабининг очилиш маросимида иштирок этган туман фаоллари мазкур масканда яратилган шароитлар билан танишиб, ўқувчилар ва уларнинг устозлари билан суҳбатлашган. Уларга пухта билим эгаллашларида муваффақиятлар тилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ  Данғарада салкам 300 ўқувчига, Фурқатда эса 1200 ўқувчига таълим берадиган касб-ҳунар мактаби очилганди. Шунингдек, Ўзбекистон туманида очилган касб-ҳунар мактаби 220 нафар битирувчини қабул қилгани хабар қилинганди.

Янгиликлар