Данғарада салкам 300 ўқувчига таълим берадиган касб-ҳунар мактаби очилди

Фарғона вилояти Данғара туманида 283 нафар ўқувчига таълим берадиган касб-ҳунар мактаби очилди. Бу ҳақда Данғара тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Данғара тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 2020 йил 12 октябрда Данғара туман ҳокими Шуҳрат Тожиҳакимов Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 6 сентябрдаги «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони билан ташкил этилган Данғара туман 1-сон касб-ҳунар мактабида 2020—2021 ўқув йилини расман очиб берган.

Касб-ҳунар мактабига ўқув йилида автомобилларни таъмирлаш чилангари, дурадгорлик, ўрмончилик ва кўкламзорлаштириш, электрик, пайвандлаш, тикувчилик йўналишлари бўйича ўқишга қабул қилинган 283 нафар ўқувчиларга касб-ҳунар мактабининг мавжуд имкониятлари, пандемия давридаги санитария-гигиена талаблари билан таништирилган.

Фото: Данғара тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Шунингдек, Данғара туман ҳокими ва мутасаддилар иштирокида касб-хунар мактабида «уста-шогирд» тартибида иш ташкиллаш учун тадбиркорларни жалб этиш, мактабнинг бўш турган хоналар негизида «Ишга марҳамат» мономаркази ва Рақамли технологияларни ўргатишга ихтисослашган IT-марказ ташкил этиш имкониятлари ўрганиб чиқилгани маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон туманида очилган касб-ҳунар мактаби 220 нафар битирувчини қабул қилганди.

Шунингдек, Фурқат туманида 1200 ўринга мўлжалланган касб-ҳунар мактаби очилганди. Қўқонда эса 7 та йўналишда таълим берувчи касб-ҳунар мактаби очилгани хабар қилинганди.

Янгиликлар