Буюк Британия қироличаси биринчи марта тиббий ниқобда кўриниш берди
Пандемия бошланганидан буён Буюк Британия қироличаси Елизавета II биринчи марта жамоат олдида тиббий ниқобда кўриниш берди. Бу ҳақда «Meduza» хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, ушбу ҳодиса 4 ноябрь куни Вестминстер аббатлигида номаълум аскарнинг дафн этилганининг 100 йиллигига бағишланган маросимда содир бўлган. Фотосурат Букингем саройи томонидан бир неча кундан кейин эълон қилинди.
Қайд этилишича, маросим атайлаб кейинга кўчирилган. Маросим мамлакатда коронавирус тарқалиши сабаб ўрнатилган янги тўрт ҳафталик локдаун бошланишидан бир кун олдин ўтказилган. Илгари қиролича жамоат жойларида тиббий ниқобдан фойдаланмагани учун танқид қилинган эди.
Маълумот учун, октябрь ойининг охиридан бери Буюк Британияда ҳар куни 20 мингдан ортиқ COVID-19 инфекциясига чалинган беморлар қайд этилди. Мамлакатда коронавирус юқтирганларнинг умумий сони 1,1 миллиондан ошади.
Аввалроқ дунё бўйича коронавирусга чалинганлар сони 50 миллиондан ошгани хабар қилинди. 8 ноябрь, якшанба куни Тошкент вақти билан соат 10:00 ҳолатига кўра жами касалланганлар сони 50 263 740 кишини ташкил қилган. Энг кўп касаллик ҳолати АҚШда (10 182 818), ундан кейинги ўринда Ҳиндистон (8 507 754) ва Бразилияда (5 653 561) қайд этилган.