«Электрооко» гуруҳи Ўзбекистон театрлари бўйлаб мусиқий тур ўтказади

Декабрь ойида Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Нукус ва Тошкент театрлари ёшларга тўлади. Пойтахтнинг поп-рок йўналишида ижод қилувчи «Электрооко» гуруҳи 1–13 декабрь кунлари Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб тури доирасида мусиқий чиқишлар ва таълимга оид маърузалар ташкил қилади.

Бу лойиҳа Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ёшлар билан ишлаш агентлиги ва Ўзбекистон Маданият вазирлиги билан биргаликда амалга оширилади.

«Back To The Theater» турининг мақсади – сифатли ҳамда жонли мусиқа янгровчи ёрқин чиқишлар орқали ёшларни давлат театрларига қайтариш, шунингдек ички туризмни ривожлантириш. Гуруҳ мамлакат бўйлаб брендланган микроавтобусда ҳаракатланади, ҳар куни саёҳат ҳақида Youtube’да реалити-шоу форматидаги видеоси билан бўлишади.

Бундан ташқари, гуруҳ етакчилари Aшот Даниелян ва Никита Макаренколар ҳар бир шаҳарда таълим маърузалари, замонавий мусиқани яратиш ва уни тарғиб қилиш сирлари ҳақида сўз юритади.

«Биз ҳудудлардаги пандемия даврида тўхтаб қолган маданий ҳаётни бироз бўлса-да жонлантиришга қарор қилдик. Биз ёшларга янги ва ноодатий чиқишларимизни намойиш қилиб, ўз тафтимиз билан одамлар қалбига илиқлик улашмоқчимиз. Бу жуда муҳим. Ёшлигимда ўзим ҳам шундай концертга борганман ва бу менинг ҳаётимни ўзгартирган. Биз ўз мисолимизда Ўзбекистонда долзарб мусиқа яратиш мумкинлигини кўрсатиб бермоқчимиз», — дейди гуруҳнинг продюсери ва гитаристи, таниқли журналист Никита Макаренко.

Барча тадбирлар эпидемиологик талабларга мувофиқ, томошабинларни ижтимоий масофа сақлаган ҳолда жойлаштириб ўтказилади. Чипталар нархи 5-10 минг сўмни ташкил қилади, маблағларнинг бари ҳудудлардаги театрларнинг ўзида уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун қолдирилади.

Бундан ташқари, гуруҳ Ўзбекистондаги унча машхур бўлмаган диққатга сазовор жойларда мусиқаларни жонли ижро этади ва саёҳат давомида янги қўшиқларига 4 та кичик ҳажмли клип олади. Бу билан ёшлар орасида туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшиш кўзда тутилган.

«Мамлакатимиздаги мусиқачилар ҳудудлар бўйлаб автобусда турларга боришмайди. Лекин мен айнан шундай форматдаги, киноларда кўрганимдек турни уюштириш ҳақида орзу қилганман. Мен Ўзбекистоннинг гўзал масканлари ва Фарғона, Самарқанд, Бухоро ҳамда Нукусдаги бири-биридан ажойиб одамлар билан учрашувни орзиқиб кутяпман», — гуруҳ қўшиқлари муаллифи, вокалист ва гитарист Ашот Даниелян.

«Back To The Theater» тури Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳузурида фаолият юритувчи Швейцария ҳамкорлик бюроси, шунингдек, «KNAUF», «Makro» ва «YAMAHA Tashkent», «IOSIS» компаниялари томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Гуруҳнинг ҳаракатланиши ва жойлашув манзиллари ҳамда тадбирларнинг бошланиш вақтини Electrooko.com веб-сайти, «Электрооко» YouTube канали, Telegram, Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқлари орқали кузатиш, маъруза ўтиладиган манзиллар ва бошланиш вақтларини аниқлаб олиш мумкин.

Медиа-ҳамкорлар: Repost.uz, Teznews.uz, TBLD.uz ва Troll.uz

Тур жадвали:

2 декабрь (соат 17:00). Фарғона вилояти рус драма театри.

Касса рақами: +998 90 537 82 37

5 декабрь (соат 18:00). Самарқанд вилояти рус драма театри

Касса рақами: +998 90 600 17 26

8 декабрь (соат 17:00). Бухоро вилояти мусиқа-драма театри.

Касса рақами: +9998 93 689 13 13

11 декабрь (соат 18:00). Қорақалпоқ давлат мусиқа театри.

Касса рақами: +998 91 384 70 69

13 декабрь (соат 18:00). Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театри.

Касса рақами: +99871 2441087

Маълумот учун:

«Электрооко» гуруҳи уруҳи 2020 йилда Марк Вайлнинг «Илҳом» театрининг «Завтра» спектакли иштирокчилари томонидан ташкил топган. Гуруҳ таркибида Ашот Даниелян ва Никита Макаренкодан ташқари таниқли мусиқачилар Санжар Нафиков, Станислав Торопчин, Лемара Аблятифова ва Валерия Капранова ҳам фаолият юритмоқда.

1 октябрда гуруҳ жаҳоннинг барча стриминг сервисларида ўзининг биринчи «Тревожний Звонок» альбомини ҳамда «1984» қўшиғига ишланган клипини тақдим этди.

Февраль ойида гуруҳ Миллий симфоник оркестр билан биргаликда Қорақалпоғистонда ўзининг «Завтра» номли қўшиғига клип тасвирга олади, қўшиқ Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон билан биргаликда ёзилган. 2021 йилнинг баҳорида «Электрооко» МДҲ мамлакатлари бўйлаб катта турга йўл олишни режалаштирган.

Янгиликлар