Эркин Турдимов Самарқандда кириш имтиҳонларини ўтказиш учун ажратилган стадионлар етарли эмаслигини маълум қилди

Самарқанд ҳокими Эркин Турдимов ОТМларга кириш имтиҳонларини ўтказиш учун вилоятдаги бешта стадион камлик қилишини маълум қилди. Бу ҳақда ДТМ Самарқанд вилояти бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи В.Сирлибоев хабар берди.

Вилоятда 9 та давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналиши бўйича 139 874 нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлиб, бу 2019 йилгига нисбатан 26 фоиз кўп. Битта ўринга 10,86 та талабгор тўғри келмоқда.

Магистратура йўналишида 8 та таълим муассасасига 7051 нафар ёки 2019 йилгига нисбатан уч баробардан кўп ҳужжат топширилган. Умуман, қабул квоталари 2016 йилгига нисбатан уч мартагача ортган.

Вилоят ҳокими Самарқанд шаҳрида «Динамо», «Локомотив» стадионлари, спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган спорт мактабининг «Ёшлик» ўйингоҳи, чим устида хоккей мини стадиони ва «Cартепо» спорт мажмуасининг футбол стадионлари ўрганилганлиги, бу кўрсаткичлар Самарқандда тест топширишни белгиланган муддатда тамомлашга етарли эмаслигини таъкидлади. Шунинг учун топшириқларни сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш бўйича соҳа мутахассислари зиммасига қўшимча стадионларни ўрганиш вазифасини юклади.

Маълумот учун, тест синовлари ўтказиш саналари маълум бўлгандан кейин абитуриентларга онлайн рўйхатдан ўтишда фойдаланган телефон рақамига СМС шаклида маълумот юборилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда ОТМларга кириш имтиҳонлари усти очиқ стадионларда ўтказилиши маълум қилинган эди. 

Янгиликлар