Фарғона шаҳрида «Ёшлар юридик клиникаси» фаолиятини бошлади (фото)
Фарғона шаҳридаги Ёшлар маркази биносида 30 октябрь куни «Ёшлар юридик клиникаси» фаолиятини бошлади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Таъкидланишича, Юридик клиника БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, Тараққиёт дастури ҳамда Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти, Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи, Адлия вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган.
Мазкур муассасада ёшлар ҳаётида учраб турадиган турли ижтимоий ва иқтисодий ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилади. Шунингдек, йигит ва қизларга шахсни тасдиқловчи ҳужжат олишда, мулк ва ерга бўлган ҳуқуқларини амалга оширишда ва кундалик ҳаётда учраши мумкин бўлган бошқа масалаларда тажрибали мутахассислар томонидан ҳуқуқий кўмак берилади.
Қайд этилишича, ҳуқуқий клиниканинг очилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда вилоят Адлия ва Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармалари ўртасида «Юридик клиника фаолият самарадорлигини янада ошириш тўғрисида»ги ҳамкорликдаги меморандум имзоланди.
Шу куннинг ўзида мазкур ҳуқуқий маслаҳатхона масъуллари томонидан 40 дан зиёд ёшга турли масалаларда тўлақонли ёрдам берилди. Тадбир якунида Марғилон шаҳридаги Ёшлар технопаркида тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган қизлар учун давра суҳбати ҳам ташкил этилган.
Аввалроқ Ўзбекистон туманида 8 та давлат боғчаси фаолиятини қайта тиклагани ҳақида хабар берилганди.