Фарғонада март―октябрь ойларида уй-жой сотиб олиш учун субсидия беришда 3800 та муддат бузилиши ҳолати аниқланди

Фарғонада 2020 йилнинг март―октябрь ойларида аҳолига уй-жой сотиб олиш учун субсидия беришда 3800 та муддат бузилиши келиб чиққан. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Фото: Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси

Маълум бўлишича, уй-жой сотиб олиш учун субсидия беришда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш  марказлари томонидан 192 та, «Ермулккадастр» давлат корхонасининг филиаллари томонидан 421 та, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман (шаҳар) кенгашлари томонидан 175 та, Давлат солиқ инспекциялари томонидан 221 та муддат бузилиш ҳолати аниқланган.

Шунингдек, Ички ишлар бўлимлари томонидан 556 та, молия органи томонидан 173 та, тиббиёт бирлашмалари томонидан 375 та, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари томонидан 520 та, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан 592 та, тижорат банклари томонидан 575 та, жами 3800 та муддат бузилиш ҳолатларига йўл қўйилган. Мазкур ҳолат юзасидан масъул ташкилот раҳбарлари номига 24 та тақдимнома киритилди.

Маълумот ўрнида, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги 182-сонли қарори билан тасдиқланган уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ масъул ташкилотлар 10 иш кунида ариза берувчининг ижтимоий мезонларга мувофиқлигини у томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида ўрганиб чиқилиши белгиланган.

Айни кунларда бошқарма томонидан таҳлил жараёни давом эттирилиб, кўрсатиладиган ҳар бир давлат хизмати «dxa.gov.uz» ҳамда «my.gov.uz» ҳамкор тизимлари орқали доимий мониторинг қилиб борилмоқда.

Аввалроқ Фарғонада Давлат хизматлари марказларига сўнгги 9 ойда салкам 660 мингта мурожаат келиб тушгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қўқон шаҳар ДХМ 16 нафар тадбиркорнинг фаолияти тикланишига ёрдам бергани ҳамда Поп ва Учқўрғон туманларининг чекка қишлоқларида ДХМ филиаллари очилгани маълум қилинганди.

Янгиликлар