Поп ва Учқўрғон туманларининг чекка қишлоқларида ДХМ филиаллари очилди (видео)
Наманган вилояти Поп туманидаги Чодак қишлоғида Давлат хизматлари маркази филиали ишга тушди. Бу ҳақда ДХА Наманган вилоят бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, Наманган вилоятининг Поп туманида давлат хизматлари маркази биноси биринчилардан бўлиб фойдаланишга топширилган.
Агентликнинг галдаги вазифаларидан бири олисда жойлашган ҳудудларда марказ филиалларини очиш орқали аҳолига янада қулайликлар яратиш бўлиб, ана шу мақсадда тумандан узоқликдаги «Истиқилол» МФЙда аҳолига беминнат хизмат кўрсатиш, уларнинг вақтини тежаш мақсадида янги филиал фойдаланишга топширилди.
Мазкур филиал туманнинг тоғли маскани саналган Чодак қишлоғи ва унга яқин бўлган 11 та маҳаллада истиқомат қилувчи 32 минг нафарга яқин аҳолига 140 дан ортиқ хизматларни кўрсатади. Филиалнинг фаолият бошлаши марказдаги тирбандликнинг олдини олиш баробарида 60 километр узоқликда яшовчи аҳолининг ортиқча оворагарчилигига барҳам беради.
Қайд этилишича, авваллари фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида ойда икки бор сайёр давлат хизматлари кўрсатилган. Лекин бу билан аҳолини тўлақонли қамраб олишнинг имкони бўлмаган. Ҳозирда 12 та маҳалла фуқаролари исталган хизматдан ўзларининг маҳаллаларидаги филиалда фойдаланишлари мумкин. Таъкидланишича, филиал очилиш куни икки ёшнинг никоҳ тузганлик ҳақидаги гувоҳномаси гувоҳлар ва меҳмонлар қаршисида тантанали топширилган.
Хабарда айтилишича, ана шундай қулайлик Учқўрғон тумани «Қўғай» маҳалласида яшовчи аҳолига ҳам яратиб берилган. «Қўғай» ва яна 20 та маҳаллага хизмат кўрсатиш учун очилган филиал 60 минг нафар фуқаронинг узоғини яқин бўлишига кўмаклашади.
Аввалроқ Пастдарғомдаги мактаб биносида ДХМнинг филиали иш бошлагани, Қўқон шаҳар ДХМ 16 нафар тадбиркорнинг фаолияти тикланишига ёрдам бергани хабар қилинган эди.