Фото: Бухорода Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда тарихий уй-музей ташкил этилади
Бухоро вилоятида хизмат сафарида бўлиб қайтган Туркиянинг «ТРТ» телеканали ижодий жамоаси ва масъуллари ташриф чоғида вилоятнинг тарихий жойларини суратга олгани ҳақида хабар берилган эди.
Вилоят Туризмни ривожлантириш департаменти ахборот хизмати маълумотларига кўра, ижодий гуруҳ Туркистондаги жадидчилик намоёндаси Усмонхўжа Пўлатхўжа ўғли яшаб ўтган қадимий хонадонда бўлди. Вилоятнинг етук тарихчи олимлари Иноятов ва Ҳайитовлардан махсус интервю олди.
«ТРТ» телеканали вакиллари таъкидлашича, Бухоро жадидларининг Туркия жумҳурияти мустақиллиги учун кураш давомида ёрдам мабағларини йиғиб юборганлигининг 100 йиллигига бағишлаб, махсус дастур тайёрланмоқда. Хусусан, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда Усмонхўжа Пўлатхўжа ўғли яшаган уйда тарихий уй-музейи ташкил этиш, ушбу инсон ва жадидлар ҳаракати тўғрисидаги китоб тайёрлаш тўғрисида фикр алмашишди.
Маълумот учун, Усмонхўжа Пўлатхўжа ўғли 1920 йил БХСР ҳукуматида молия нозири этиб тайинланган. У Aбдуқодир Муҳитдинов ва Файзулла Хўжаевлар билан БХСР ҳукуматида бир қатор ислоҳотларни амалга оширишда иштирок этган. Кейинчалик жадидлар ўртасида фикрий бўлиниш юз бергач, Усмонхўжа Пўлатхўжа ўғли Aфғонистонга кетган. 1923 йил эса Туркияга бориб, умрининг сўнгига қадар ўша ерда яшайди.
Бухоро шаҳарда Усмонхўжа Пўлатхўжа ўғли яшаган уйнинг бир қисмида айни пайтда «Ҳовли Поён» меҳмонхонаси ташкил этилган.
Аввалроқ Истанбулдан Бухорога тўғридан-тўғри авиарейслар йўлга қўйилиши мумкинлиги хабар қилинган эди. Шунингдек «Mystery box» компанияси асосчиси 8К форматида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тўғрисида видеоролик суратга олган.