Наманганда фермер хўжалиги ишчилари маҳаллий аҳоли томонидан калтакланди

17 март куни Наманган вилояти Косонсой туманидаги фермер хўжалиги ишчилари маҳаллий аҳоли томонидан калтакланди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар қилмоқда.

Маълум бўлишича, 17 март куни соат 12:30 ларда 24 ёшли Т.Б. 34 ёшли М.О.лар Косонсой тумани Ўзбекистон МФЙ ҳудудида жойлашган боғдорчиликка асосланган фермер хўжалигига келиб, ушбу хўжалик директори 55 ёшли К.М. ҳамда ишчилари М.Р., С.Қ., А.Х., Ж.Х., А.Т.ларни ҳеч бир сабабсиз уриб, уларга турли даражада тан жарохатлари етказиб, фермер хўжалиги ишчиларига тегишли бўлган «Nexia-3», «Niva», «Hyundai», «Merсedes-benz» русумли автомашиналари впа Samsung русумли эксковатор ҳамда фермер хўжалигининг дала шийпони ойналарини тош билан уриб шикастлаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Косонсой тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Т.Б. ва М.О.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Қайд этилишича, тергов ҳаракатлари давомида ушбу фермер хўжалигининг директори К.М.нинг олдига фуқаро Д.У. ва унинг синглиси Н.У.лар келиб, гўёки маҳалладаги ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олаётганлигини рўкач қилиб, у билан низолашиб, бу ҳақида Ўзбекистон МФЙда яшовчи бошқа фуқароларга айтиб, ўзлари билан 50-60 нафар аёл ва эркакларни фермер хўжалигининг ер майдонига бошлаб келишлари натижасида ушбу жиноят содир этилганлиги аниқланган.

Жиноят иши доирасида барча фуқароларнинг шахси аниқланиб, уларнинг ҳар бирининг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо берилиши таъминланади.

Янгиликлар