Ўзбекистонда март ойида қандай об-ҳаво кузатилади?
«Ўзгидромет» хизмати март ойи давомида кузатиладиган об-ҳаво маълумотини эълон қилди.

Унга кўра, 1–4 март кунлари ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади ва 4 мартга келиб ҳаво кундузи 20–23 даражагача исийди. Ушбу кунларда асосан қуруқ об-ҳаво кутилмоқда. Фақат республиканинг айрим ҳудудларида 1–2 март кунлари бироз ёмғир ёғиши мумкин.
5 мартдан бошлаб об-ҳаво ёмонлаша бошлайди. Республика бўйича ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши, баъзи жойларда кучли шамол эсиши мумкин. Март ойининг биринчи ўн кунлиги учун меъёрга яқин қийматларгача ҳаво ҳарорати пасайиши мумкин.
Кейинчалик ой охиригача март ойига хос бўлган беқарор об-ҳаво кутилмоқда. Баҳорнинг биринчи ойида ҳарорат кескин ўзгаради. Бунда тез исиш даврлари кескин совуқ даврлар билан алмашади, баъзида эса қисқа муддатга ёмғир қорга айланиши ва кечаси ҳарорат манфий қийматларгача пасайиши кузатилади.




