Ўзбекистонда МЧЖнинг таъсис шартномасини рўйхатдан ўтказиш бекор қилинади

Ўзбекистонда масъулияти чекланган жамият (МЧЖ)нинг таъсис шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш бекор қилинади.

Қайд этилишича, Президент 8 ноябрь куни «Корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолаган.

Унга мувофиқ, 2022 йил 1 декабрдан тижорат ташкилотлари фаолиятида қуйидаги талаблар бекор қилинади:

қуйидаги ташкилотларда ички аудитни ташкил этиш:

  • масъулияти чекланган жамиятлар;
  • активларининг баланс қиймати БҲМнинг 100 минг баробаридан кам, давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўп акциядорлик жамиятлари ва давлат унитар корхоналари;
  • МЧЖнинг таъсис шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш;
  • МЧЖнинг вакилларига умумий йиғилишда иштирок этиш учун бериладиган ишончномани нотариал тасдиқлаш;
  • МЧЖда захира жамғармаси ташкил этилганда, унинг миқдорини устав фондининг камида 15 фоизи этиб белгилаш.

Шунингдек, 2023 йил 1 мартдан унитар корхона ёки қўшимча масъулиятли жамият шаклида юридик шахс ташкил этиш тўхтатилиши таъкидланган.

2023 йил 1 апрелдан:

  • МЧЖ устав фондига қўшиладиган, қиймати БҲМнинг 10 минг бараваридан кўп пульсиз ҳиссалар баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланади ва баҳоланган қийматдан юқори бўлиши мумкин эмас;
  • юридик шахслар қайта ташкил этилганда, корхоналарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қайта ташкил этилган юридик шахсга ўтган ҳисобланади.

Шу билан бирга, 2023 йил 1 июлдан хўжалик жамиятининг филиаллари, ваколатхоналари ташкил этилганлиги ва унинг устав фонди шакллантирилганлиги ҳамда тўловга қобилиятсизлиги юзасидан иш қўзғатилганлиги тўғрисидаги маълумотлар Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz)да эълон қилиниши маълум қилинган.

Янгиликлар