Ўзбекистонда электрон тижоратда курьерлик фаолияти тартиби белгиланди
Ўзбекистонда электрон тижоратда курьерлик хизматини тартибга солувчи ҳуқуқий асос яратилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд қилинишича, вазирлик томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган «Электрон тижоратда курьерлик хизмати фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги низом Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 26 декабрдаги қарори асосида тасдиқланди.
Низомга кўра, курьер – бу тадбиркорлик субъектлари ёки етказиб бериш хизмати операторлари билан меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида ишловчи, шу жумладан ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахс бўлиши мумкин.
Курьерлар ва операторлар, агар шартномада кўрсатилган бўлса, харидордан товар ёки хизмат учун тўловни қабул қилишга ҳақли. Бу жараёнда назорат-касса техникасидан фойдаланиш ва чек (ёки квитанция) берилиши шарт.
Етказиб бериш хизматлари қуйидаги мезонларга жавоб бериши лозим:
• ишончлилик: товарнинг бутлиги ва сифати сақланиши;
• ўз вақтида етказиш: белгиланган муддат ва оралиққа амал қилиш;
• xавфсизлик: товар, харидор ва курьер хавфсизлигини таъминлаш;
• aхборот бериш: харидорга кузатиш ва етиб келиш вақти ҳақида маълумот тақдим этиш.
Курьерларга қуйидагилар тақиқланади:
• товар қадоқларини ўзбошимчалик билан очиш;
• харидор ёки товар ҳақидаги маълумотларни учинчи шахсларга ошкор қилиш.
Озиқ-овқат етказишда эса транспорт ва термоконтейнерлар тоза ва дезинфексияланган бўлиши, мунтазам парваришланиши лозим.
Янги тартиблар курьерлик хизматларида шаффофлик, сифат ва хавфсизликни таъминлаш ҳамда электрон тижорат иштирокчилари ўртасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган.