Шавкат Мирзиёев МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида нутқ сўзлади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида кўп томонлама ҳамкорлик самарадорлигини ошириш ҳамда мамлакатлар иқтисодиёти барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор амалий таклифлар билан чиқди.

Жумладан давлат раҳбари ушбу таклифларни илгари сурди:

• глобал беқарорлик шароитида МДҲ формати барқарор ва зарур тузилма сифатида ўзини намоён этаётганини таъкидлаб, эътиборни ҳамкорликнинг амалий йўналишларига қаратишни таклиф қилди;

• барча транспорт турлари билан интеграциялашган ахборот-логистика марказларини яратиш ҳамда транспорт соҳасида давлат-хусусий шериклик масалалари бўйича МДҲ мамлакатлари конференциясини Ўзбекистонда ўтказиш ташаббусини илгари сурди;

• махсус иқтисодий зоналарни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” тайёрлашни, шунингдек, МДҲ Венчур платформасини яратиш орқали стартаплар ва инновацияларни илгари суришни таклиф қилди;

• Ўзбекистон Тошкент шаҳрида «ИННОПРОМ» кўргазмаси доирасида МДҲ инновацион саноат форумини ўтказишга тайёрлигини маълум қилди;

• МДҲ энергетика секторини инновацион ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ва анъанавий ҳамда “яшил” энергетика бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш таклифини билдирди;

• Рақамлаштириш ва сунъий интеллект соҳасида кўп томонлама амалий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш, шунингдек, фан, таълим ва маданият соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф қилди;

• Дипломларни ўзаро тан олиш бўйича янги давлатлараро келишувни тайёрлаш, шунингдек, Хива шаҳрида МДҲ Ёшлар форумини ўтказиб, Ёшлар инновация лабораториясини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди;

• хавфсизлик масалаларига тўхталиб, МДҲ мамлакатлари ташқи сиёсат идоралари ва махсус хизматлар ўртасида мувофиқлаштирувни кучайтириш, шунингдек, Афғонистондаги вазиятга алоҳида эътибор қаратиб, ушбу мамлакатдаги инфратузилма лойиҳаларида биргаликда иштирок этишни таклиф қилди.

AI News