Наманганда 6 ой аввал ҳаракатланиш тўхтатилган Норин дарёси кўприги очилди (фото)

Наманган вилоятининг Норин туманини вилоят маркази билан боғловчи «Нориндарё» кўприги фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Фарғона ҳалқа йўлининг 98-километрида жойлашган Норин дарёси устидан ўтган автомобиль кўпригида ҳаракатланиш 2020 йил 24 апрель куни тўхтатилганди. Бунга 1962 йилда барпо этилган кўприкда кузатилган дарз ва ёриқлар сабаб бўлган.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Андижон ва Наманган вилоятларини автомобиль йўли орқали ўзаро боғлайдиган Норин дарёси устидан ўтган мазкур иншоот 6 ой давомида «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли «Кўприкқурилиш трести» унитар корхонаси мутахассислари томонидан реконструкция қилинган. Бунинг учун 8,3 миллиард сўм маблағ сарфланган.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Кўприк икки тасмали автомобиль йўлидан иборат бўлиб, ундан 1 соатда 834 та, суткасига эса 20 мингдан ортиқ автомобиль ўтказиш имконияти мавжуд.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Реконструкциядан сўнг мазкур кўприкнинг эни қарийб 1,5 метрга кенгайтирилиб, икки четида пиёдалар учун йўлаклар қурилган. Йўлакларнинг ён қисмига баландлиги 1 метр 15 сантиметрлик темир панжаралар ўрнатилган. Ҳозирда кўприкнинг узунлиги 275, эни 10, баландлиги эса 7 метрни ташкил этмоқда.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Норин ҳамда Уйчи туманларига ўтиб қайтадиган пиёдаларнинг кечки пайтда ҳам кўприкда ҳаракатланишини таъминлаш учун 13 та электродиодли ёритгичлар ўрнатилган. Маълумот учун, 160 мингдан ортиқ аҳолига эга Норин тумани фуқаролари вилоят марказига қатнаш учун 6 ой давомида Учқўрғон ва Балиқчи туманлари орқали айланиб боришига тўғри келган.

Аввалроқ Самарқандда узунлиги 110 метр бўлган илк монолит йўл ўтказгичининг қурилиш ишлари бошлангани хабар қилинди. Шунингдек, Самарқанд шаҳри, Оқдарё ва Жомбой туманларини боғловчи кўприк очилди.

Янгиликлар