Юнусободда дори воситаларини ноқонуний сотаётган шахслар ушланди

Юнусобод туманида дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйилди, деб хабар бермоқда Прокуратура департаменти.

Хабарга кўра, фуқаро Х.У. ва Ш.Ш.лар дори воситаларини дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш орқали ноқонуний даромад орттиришни кўзлаб, фуқаро Э.Ж.га 500 та конвалюта «ENOX 4000 anti-Xa IU/0/4ml» дори воситасини ҳар бир конвалютасини 220 минг сўмдан (21 АҚШ доллари) ҳисоблаб, 10 500 АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг туман бўлими томонидан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 185-3-моддаси (дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олмалиқда дори воситаларини ноқонуний сотаётган фуқаро ушланди деб хабар берган эдик.

Янгиликлар