ДХХ боласини сотмоқчи бўлган тўрт аёлни қўлга олди

Давлат хавсизлик хизмати ходимлари томонидан республиканинг турли ҳудудларида одам савдосига қарши тезкор тадбирлар ўтказилди. Тезкор тадбирлар давомида ўз фарзандини сотмоқчи бўлган тўрт нафар аёл ушланган.

Маълум қилинишича, Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ва вилоят ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда Гулистон шаҳрида тезкор тадбир ўтказилган. Унда 1991 йилда Бухоро вилоятида туғилган, Гулистон шаҳрида вақтинча яшовчи аёл жорий йилнинг 30 январ куни туғилган ўғил фарзандини 40 минг АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Сурхондарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса Термиз туманида яшовчи, 1993 йилда туғилган аёл жорий йилнинг 25 январ куни туғилган қиз фарзандини ўзининг жиноий шериги бўлган, 1982 йилда туғилган аёл билан тил бириктириб, Термиз шаҳрида 25 млн сўмга сотган вақтларида қўлга олинган.

Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Чирчиқ шаҳрида яшовчи, 1997 йилда туғилган аёл ўзининг 2018 йилда туғилган ўғлини 3 минг АҚШ долларига сотган вақтида ушланган.

Шунингдек, Наманган шаҳрида яшовчи 29 ёшли аёл 2014 йилда туғилган ўғлини 18 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, талаб қилинган пулдан 4 минг АҚШ долларини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўлга олинган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 3-қисми “а” банди билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар