Олтиариқда хонадонида марихуана сақлаб келган эркак қўлга олинди
Фарғона вилояти Олтиариқ туманида хонадонида марихуана гиёҳвандлик моддасини сақлаб келган эркак 30 октябрь, жума куни қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Олтиариқ туманида 30 октябрь куни Ички ишлар бошқармаси томонидан тезкор тадбир ўтказилди. Тадбир давомида «Ёшлик» маҳалласи ҳудудида яшовчи К.А.нинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, хонадонида марихуана гиёҳвандлик моддасини сақлаб келаётганлиги аниқланиб, далилий ашё тариқасида олинган.
Ҳолат юзасидан Олтираиқ тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 276-моддаси (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши кўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Аввалроқ Қўқонда 3 та целлофан пакетда гашиш ва марихуана сақлаб келган эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.