Фурқат туманида хонадон ётоқхонаси ва ертўласида марихуана сақлаб келган эркак қўлга олинди
Фарғона вилояти Фурқат туманида 24 октябрь куни ётоқхонаси ва ертўласида марихуана гиёҳвандлик моддасини сақлаб келган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Фурқат туманида 24 октябрь куни ўтказилган тезкор тадбир давомида Чиркай қишлоғида яшовчи А.Н.нинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, хонадон ётоқхонаси ва ертўласида марихуана гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланиб, далилий ашё тариқасида олинган.
Ҳолат юзасидан Фурқат тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 276-моддаси (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши кўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Аввалроқ Бешариқда сумкасида марихуана олиб юрган эркак ушлангани ҳақида хабар берилганди.