Ўзбекистон академик лицейларида 15 октябрдан анъанавий дарслар бошланади

Ўзбекистон академик лицейларида 15 октябрдан 2020/2021 ўқув йили анъанавий тарзда бошланади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, «СанПиН» талаблари бажарилган тақдирда ва ота-оналар ҳамда депутатлардан ижобий хулоса берилгандан сўнг академик лицейларда ўқув жараёнини бошлашга тайёрлиги ҳақида ҳудудий ишчи гуруҳларнинг хулосаси олинган. Янги ўқув йилини анъанавий тарзда бошлашга тайёр бўлган академик лицейларда ўқув жараёнини бошлаш масаласи туман (шаҳар) халқ депутатлари кенгаши муҳокамасидан ўтказилади.

Шунингдек, ўқув жараёнларини бошлаш муддати ва шаклини белгилаш мақсадида ота-оналарнинг фикрини ўрганиш бўйича сўровномалар ўтказилади. Таълим муассасасига ўқувчиларнинг анъанавий тарзда келиб ўқиши мажбурий ҳисобланмайди. Карантин талабларидан келиб чиқиб, таълим муассасаларида ўқувчилар турар жойлари ҳамда ошхона/буфетлар фаолият юритмайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон мактабларида дарслар 14 сентябрдан бошланиши маълум қилинди. Кейинчалик, Ўзбекистонда тиббиёт ОТМларида анъанавий шаклда ўқиш бошланиши ҳақида хабар берилди.

Янгиликлар