Ўзбекистонда 2021 йил июль ойидан туз, шакар ва ёғ миқдори юқори бўлган маҳсулотларга товар белгилари қўйилади
Ўзбекистонда 2021 йил 1 июлдан таркибида туз, шакар ва ёғ миқдори юқори бўлган маҳсулотлар, шунингдек, соғлиқ учун зарарли бошқа қўшимчалар мавжуд маҳсулотларга белгилар қўйиш бошланади. Бу ҳақда «Spot» хабар берди.
Таъкидланишича, маҳсулотларга белги қўйиш Президентнинг «Aҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан тасдиқланган.
Белгилаш икки босқичда амалга оширилади. Биринчи навбатда, 2021 йил июлдан бошлаб, белгилаш ихтиёрий бўлади. Иккинчи босқичда, 2025 йил 1 январдан бошлаб, мажбурий бўлади. Бу ўзгариш Ўзбекистонга олиб кирилган маҳсулотларга ҳам, республика ичида ишлаб чиқарилган маҳсулотларга ҳам бирдек тегишли қилиб қўйилади.
Қайд этилишича, товарларга ушбу рангли белгиларни қўйишдан мақсад истеъмолчиларга ишончли маълумотларни етказиш ва фойдали маҳсулотларни танлашига ёрдам беришдан иборат. Масалан, маҳсулотларда шакар, тўйинган ёғ кислоталари ва тузни ҳаддан ортиқ истеъмол қилиш юрак-қон томир касалликлари, артериал гипертензия, қандли диабет касалликларининг пайдо бўлишига ва ривожланишига олиб келиши ҳақида маълумот бўлади.
Маълумот ўрнида, товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгиси бу бир юридик ва жисмоний шахслар товарлари ҳамда хизматларини бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг шу турдаги товарларидан фарқлаш учун хизмат қиладиган, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ҳисобланади.
Aввалроқ Ўзбекистонда 2021 йил 1 апрелдан бойитилмаган юқори навли ун импортига чеклов қўйилиши ҳақида хабар берилганди.