Ўзбекистонда 2021 йил 1 апрелдан бойитилмаган юқори навли ун импортига чеклов қўйилади
Ўзбекистон ҳудудида 2021 йил 1 апрелдан бошлаб фақат микроэлементлар билан бойитилган биринчи навли унни сотишга рухсат берилади. Бу ҳақда «Spot» хабар берди.
Таъкидланишича, бу чеклов Президентнинг «Aҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан тасдиқланган. Шу муносабат билан унни бойитиш учун импорт қилинадиган микроэлементлар учун «ноль» божхона ставкаси белгиланади.
Маълумотларга кўра, 2019 йилда буғдой унининг микроэлементлари билан бойитиш даражаси барча навларнинг ишлаб чиқарилган ва импорт қилинадиган ун умумий ҳажмининг 30 фоизини ташкил этган. Бу навдаги унни ҳозирда Ўзбекистон аҳолисининг 56 фоизга яқини истеъмол қилади. Лекин организмда темир танқислиги анемиясининг олдини олиш учун бу кўрсаткични 90 фоизга ошириш режалаштирилган.
Шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра ушбу навдаги унни истеъмол қилиш анемия даражасини 70 фоизгача пасайтиради.
Аввалроқ 2020 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудига фақат микроэлементлар билан бойитилган биринчи навли буғдой уни олиб кирилиши мумкинлиги маълум қилинган.